Weather
Нур-Султан +7 °С
Almaty +14 °С
Exchange rates
USD 449.85
EUR 485.43
RUB 5.71
CNY 70.69

Брюссельда «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» хавфсизлик мулоқоти йиғилиши бўлиб ўтди

18 May 2022 11:45

NUR-SULTAN. Kazinform – Брюссельда «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» олий даражадаги сиёсат ва хавфсизлик мулоқотининг тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Учрашувда мураккаб геосиёсий муаммолар шароитида сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Kazinform ҚР ТИВга таяниб.

Ташриф доирасида Қозоғистон делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко бошчилик қилди, у Европа расмийлари ва Европа парламенти аъзолари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Европа Иттифоқи делегациясига Европа ташқи ҳаракатлар хизмати Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Энрике Мора бошчилик қилди, Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасида иштирок этишди.

Тадбирнинг кенг кўламли кун тартибидан минтақавий ва глобал хавфсизликнинг долзарб ва янги муаммолари, жумладан, минтақадаги мураккаб ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда Евроосиё қитъаси ва Афғонистондаги ҳозирги тенденциялар жиҳатидан хавфсизлик ва озиқ-овқат барқарорлиги соҳасида томонлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.






Р.Василенко йиғилганларни кун тартибидаги масалалар бўйича Қозоғистон позицияси билан таништирди ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик доирасида минтақада барқарорлик ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар билдирди.

Иқтисодий таҳдидларнинг кучайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, Ғарбнинг Россияга нисбатан санкцияларининг Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига салбий таъсирининг олдини олиш бўйича келишилган чора-тадбирларни кўриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

«Мамлакатларимиз 30 йилдан буён мустақил ва суверен тараққиёт йўлидан бормоқда. Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар бизнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланиш саъй-ҳаракатларимизни фаол қўллаб-қувватлаб, барқарор ва хавфсиз Марказий Осиёни таъминлаш мақсадида минтақада ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда», - деди Роман Василенко.

Қозоғистон дипломатининг сўзларига кўра, бугунги кунда минтақа ва халқаро майдондаги муаммолар туфайли Марказий Осиё ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик долзарблиги янада ортиб бормоқда ва томонлар ўртасида яқин ҳамкорликни талаб қилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, йиғилиш иштирокчилари жорий йилда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги юқори ва юқори даражадаги алоқаларни жонлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.






Мулоқотнинг тўққизинчи сессияси доирасида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги боғлиқлик (connectivity) масалалари бўйича эксперт муҳокамаси бўлиб ўтди. Махсус сессияда Европа томони «Global Gateway» стратегияси доирасида Марказий Осиё билан рақамли, барқарор ва ўзаро транспорт боғлиқлиги бўйича ўз фикрларини билдирди.

Томонлар афғон халқини инсонпарварлик ёрдамига қўшаётган миллий ҳиссани атрофлича муҳокама қилдилар ва 2021-2027 йилларга мўлжалланган Европа Иттифоқининг кўп йиллик индикатив дастури доирасида икки томонлама ва минтақавий дастурларни биргаликда амалга ошириш бўйича таклифлар билдирдилар.






Афғонистондаги вазиятга бағишланган махсус сессияда мулоқот иштирокчилари афғон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича турли чора-тадбирлар, жумладан, гуманитар, савдо-иқтисодий ва таълим воситаларини муҳокама қилдилар. Мулоқот иштирокчилари Қозоғистон ташаббуси билан Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ва БМТ Тараққиёт дастури томонидан амалга оширилаётган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда афғон қизларига таълим бериш ўзига хос дастурини янада татбиқ этиш муҳимлигига эътибор қаратдилар.

Қозоғистон делегацияси раҳбари Қозоғистон бу борадаги мажбуриятларини бажаришда давом этишини айтиб, Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамкорларни афғон халқига халқаро гуманитар ёрдамни самарали амалга ошириш учун Қозоғистоннинг логистика ва савдо-иқтисодий инфратузилмасидан фаол фойдаланишга чақирди.

Томонлар 2022 йил май ойи охирида Алмати шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи махсус вакилларининг Афғонистон бўйича бўлажак учрашувида Афғонистон бўйича минтақалараро ҳамкорликни батафсил муҳокама қилишга келишиб олдилар.

Ташриф давомида Р.Василенко Э.Мора, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала, Европарламентнинг Халқаро алоқалар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Витольд Ващиковский, Европарламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қуйи қўмитаси раиси ўринбосари Кристиан Загарцпен билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.






Иштирокчилар Қозоғистондаги чуқур сиёсий модернизация жараёни ва 2022-йил 5 июн куни Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумга алоҳида эътибор қаратдилар. Р.Василенко Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришлар мамлакат ва минтақа тараққиётига ижобий мултипликатив таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Европа институтлари вакиллари Қозоғистонда сиёсий тизимнинг рақобатбардошлиги ва барқарорлигини ошириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ҳуқуқни қўллаш механизмларини мустаҳкамлаш имконини берадиган амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ва долзарблигини таъкидладилар.

Up